Ўзбекистон – Қозоғистон: Икки қадим ва қардош эл
Тошкент "Туркий дунёнинг маънавий мероси: Адабиёт – даврлар ва авлодлар мулоқоти" форуми доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон адибларини бирлаштирди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 3 сентябрь куни икки давлат расмий вакиллари, ёзувчи ва шоирлари, адабиёт илмининг етук олимлари тўпланди. Анжуманнинг аҳамияти ва ўзига хослиги бир мисолда яққол намоён. Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган мақол бор. Бўстонлиқ туманида туғилиб ўсган, қозоқ тилида ижод қилган адиб Раҳматилла Райимқулов ўзидан ҳамиша яшнаб турувчи адабий боғ барпо этиб кетди. Бу чаман бугун ҳам икки халқ бадиий адабиёти ривожига хизмат қиляпти. Айни ҳақиқат тадбир давомида алоҳида таъкидланди.

Ўзбек – Қозоқ биродарлиги ҳақида ҳар икки эл мудом жўшиб гапиради. Қўшиб, тўлиб-тошиб айтади. Шу маънода адабиёт намояндалари ўқиган шеърлар барчанинг қалбини жўштиргани ҳам рост. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тугжановдан анжуман ҳақидаги фикрларини сўрадик.
– Ҳурматли элчи, шубҳасиз, бугунги йирик анжуман халқларимизни янада жипслаштиради, бирлаштиради: ҳам адабиётимиз, ҳам кўнгилларимиз, ҳам бепоён кенгликларимизни. Умуман, форумдан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бу анжуман тарихий воқеа, дейишга тўлиқ ҳақлимиз. Йил сайин дўстлигимиз мустаҳкамланяпти. Айниқса умумий қадриятларимизни адабиёт орқали ўзаро англаб бораётганимиз қувонарли. Дўстликда гоҳида олов, гоҳида тоғдай ғов бор. Ваҳоланки, бугунги биродарлик муносабати, сўзсиз, халқларимиз асрий қондошлигини тиклаяпти.
Тарихий сафаримиз – Ёзувчилар уюшмаси форумидаги иштирокимиз давомида ҳар бир адибимиз юраги жўшиб турибди. Кўнгилларни илитаётган учрашувлар чоғи ажойиб режалар тузиляпти. Ҳар бир айтилган сўз кўнгилдан чиқмоқда. Шуларнинг барига гувоҳмиз. Ўзагимиз бир, тарихимиз бир, тилимиз бир. Туркийлар боши қўшилмай, кимнинг боши қўшилсин?! Қурултойдан сўнг Тошкентга Қозоғистон расмий делегацияси келди. Бугун Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг анжуманга йўллаган табригини Давлат маслаҳатчимиз ўқиб берди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги умумтаълим мактабига Ўзбекистонда туғилган қозоқ миллатига мансуб таниқли адиб Раҳматилла Райимқулов номи берилди. Бу икки эл сарҳадсиз алоқаларининг биргина кўриниши, холос.
Яна бир жиҳат бор: яйловни бирга кезган, узоқ-узоқ ўтмишдан ёнма-ён одимлаб келаётган икки эл ҳар доим йўлдош. Ёруғ кунларимиз барчамизга қутлуғ бўлсин!
Ўзбек – Қозоқ адабиёти ҳамкорлиги жараёни тилимиз, қардошлигимиз илдизлари нақадар чуқурлигидан дарак беради. Бугунги кунда эса асрий адабий алоқаларимиз давлат раҳбарларининг бевосита қўллаб-қувватлови туфайли янгича мазмун касб этди.
Абдуғафур Маматов,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари