Trend: Ўзбекистонда машинасозлик 1,5 баробар ўсди
Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги Ўзбекистон саноатидаги ўсиш суръатларига бағишланган мақола эълон қилди.
Нашр 2026 йил январь–июль ойлари мамлакатда 795,4 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилганини қайд этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоиз кўп.
Таҳлилда мазкур ўсишда қайта ишлаш саноати асосий ўрин тутаётганига эътибор қаратилган. Унинг умумий саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 86,8 фоизни ташкил этган, ишлаб чиқариш ҳажми эса йиллик ҳисобда 9 фоиз ошган.
Шунингдек, электр энергияси, газ, буғ ва кондицияланган ҳаво ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш 8,1 фоиз, сув таъминоти, канализация ва чиқиндини бошқаришдаги хизматлар 8,4 фоиз ўсиш қайд этган.
Мақолада машина ва уларга ускуна ишлаб чиқаришдаги натижалар алоҳида қайд этилган. Мазкур йўналишда ишлаб чиқариш ҳажми 2025 йил январь–июль ойларига нисбатан 1,5 баробар кўпайган. Тери маҳсулоти ва унга турдош маҳсулот ишлаб чиқариш эса 1,4 баробар ошган.
Trend таҳлилига кўра, саноат таркибидаги ўзгаришлар Ўзбекистонда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар, машина ва ускуналар ишлаб чиқаришга эътибор кучайиб бораётганини кўрсатади. Нашр машинасозликдаги ўсишни саноат тараққиётининг муҳим кўрсаткичи сифатида баҳолаган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА