Ёш парламентарийлар – эртанги глобал қарорлар ва янги ҳамкорлик ташаббусларининг ҳаракатлантирувчи кучи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 4-6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Олий Мажлис Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ (ПИ) ҳамкорлигида Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтади.
Нуфузли анжуманда 183 мамлакат, 15 халқаро ташкилот вакиллари ҳамда 50 га яқин доимий кузатувчи – жами 300 га яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Конференция дастуридан олтита сессия ҳамда «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг иштироки» мавзусида махсус очиқ сессия ўрин олган. Уларда низолар ва рақамли трансформация шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш ва бандлигини ошириш, шунингдек, хотин-қизлар ҳамда ёшларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Глобал конференциянинг ўзига хос тарихи бор. Ёшларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратилган ПИнинг саъй-ҳаракатлари 2010 йилда Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган 122-Ассамблеяда Ёшларнинг демократик жараёндаги иштироки тўғрисида резолюция қабул қилиниши билан янги босқичга кўтарилди.
2013 йилда эса ПИ доирасида парламентларда ва Иттифоқ фаолиятида ёшларнинг иштирокини оширишга қаратилган Ёш парламент аъзоларининг форуми ташкил этилди. Бир йил ўтиб, 2014 йилдан бошлаб ёш парламент аъзоларининг глобал конференциясини мунтазам ўтказиш анъанага айланди.
Шу кунга қадар бундай конференциялар Женева, Токио, Лусака, Оттава, Боку, Асунсьон, Шарм-эш-Шайх, Ханой, Ереван ва Лима шаҳарларида ўтказилган. 2021 йилдаги конференция эса онлайн форматда ташкил этилган.
Ҳар бир конференцияда замонавий дунёнинг долзарб масалаларига ёш парламент аъзоларининг муносабати муҳокама қилинади. Ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар илгари сурилади.
Самарқанддаги XII глобал конференция Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида ўтказилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур ташаббус 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ПИнинг 150-юбилей Ассамблеясида илгари сурилган.
Самарқанднинг қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган бетакрор муҳитида ўтадиган ушбу халқаро анжуман ёш парламент аъзолари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, ёшларнинг глобал кун тартибидаги ўрнини мустаҳкамлаш, халқаро парламентлараро мулоқотни кучайтириш ва парламент дипломатиясини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Зеро, бугунги ёш парламентарийлар эртанги глобал қарорлар ва янги ҳамкорлик ташаббусларининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучидир.

Самарқанд эса ана шу эзгу мулоқотлар, янги ғоялар ва дўстлик ришталари учун яна бир бор ўзининг қадимий ва меҳмондўст бағрини очмоқда.
Конференция якунида Парламентлараро иттифоқнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш режалаштирилган.
Норгул Абдураимова, ЎзА