Маркетплейсларда B2B савдога кенг йўл очилади
Рақамли савдо майдончаларида тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратилади.
Бугун электрон тижорат нафақат аҳолига товар ва хизматларни онлайн таклиф қилиш, балки тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги савдо муносабатларини ҳам рақамлаштиришнинг муҳим воситасига айланмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишни янада ривожлантиришга қаратилган янги чоралар белгиланди.
Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан рақамли савдо майдончаларида бизнес юритиш учун тенг шароитлар яратиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил декабрь ойига қадар рақамли савдо майдончаларида бизнес юритиш учун тенг шароитлар яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда аввало, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги битимларни электрон савдо платформалари орқали амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилмоқда.
Энг муҳими, бундай битимлар бўйича зарур ҳужжатларни ҳам бевосита рақамли шаклда расмийлаштириш имконияти яратилади. Бу корхоналар учун қоғозбозликни камайтириш, вақт ва харажатларни тежаш ҳамда савдо жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилади. Бошқача айтганда, келгусида корхона ўз маҳсулотини фақат жисмоний шахсларга эмас, балки бошқа корхона ёки ташкилотларга ҳам маркетплейс орқали таклиф қилиши, буюртма олиши ва битимни электрон шаклда расмийлаштириши мумкин бўлади.
Янги тартиб фақат савдо қилиш имкониятини кенгайтириш билан чекланмайди. Рақамли платформалардан фойдаланувчи тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳам кучайтирилади. Хусусан, платформа фойдаланувчиларининг шикоятларини судгача кўриб чиқишнинг шаффоф тартиби белгиланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, платформа қоидалари ўзгарган тақдирда бозор иштирокчиларини бу ҳақда олдиндан хабардор қилиш мажбурияти жорий этилади. Бу талаблар тадбиркорлар учун рақамли савдо майдончаларида янада барқарор ва тушунарли бизнес муҳитини шакллантиришга қаратилган. Ҳужжатда корпоратив буюртмачиларнинг давлат харидлари бўйича олдиндан тўловларини бюджет буюртмачилари учун белгиланган тартиб, миқдор ва шартларга мувофиқлаштириш ҳам назарда тутилган.
Йирик буюртмачилар учун эса уч йиллик харид режаларини шакллантириш, уларни смета ва бизнес-режалар билан боғлаш таклиф этилмоқда. Инвестиция лойиҳалари бўйича алоҳида харид режалари, ягона техник талаблар ва KPI кўрсаткичларини жорий этиш ҳам режалаштирилган. Бу йирик корхоналарнинг харид жараёнларини олдиндан режалаштириши ва етказиб берувчи тадбиркорлар учун ҳам бозор талабини аниқроқ кўришига имкон бериши мумкин.
Фармонда давлат харидлари соҳасига оид яна бир муҳим таклиф бор. Унга кўра, бюджет маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўмгача бўлган кичик ҳажмдаги товарларни харид қилиш имкониятини кўриб чиқиш белгиланган. Бу, айниқса, кичик бизнес субъектларининг давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Фармонда рақамли савдо билан бир қаторда миллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ишлаб чиқарувчиларнинг маркетплейслар орқали маҳсулотларни омборга жойлаштириш ва сотиш билан боғлиқ харажатларининг ярмини компенсация қилишни назарда тутувчи чоралар белгиланган. Шунингдек, миллий брендларни ташқи бозорларда тарғиб қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш учун 50 минг долларгача субсидия бериш масаласи ҳам кўзда тутилмоқда. Бу чоралар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорларга чиқиш, маҳсулотларини халқаро маркетплейсларда сотиш ва миллий брендларни хорижда танитиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Эътиборли жиҳати, ушбу фармонда рақамли савдо билан боғлиқ бир қатор йўналишлар бир-бири билан уйғунлаштирилган. Масалан, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича ягона рақамли платформа жорий этилиши ҳам белгиланган. У орқали молиявий ва номолиявий кўмак чораларини «бир дарча» тамойили асосида тақдим этиш режалаштирилмоқда. Платформани 2027 йил 1 мартга қадар амалиётга жорий қилиш белгиланган. Шунингдек, 2027–2030 йилларда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, рақамли савдо ва чегараолди савдони кенгайтириш, ислом молияси инструментларини жорий этиш ҳамда микро ва кичик бизнесни рақамлаштириш учун 1 миллиард доллар миқдорида қарз ва 10 миллион доллар миқдорида грант маблағларини жалб қилиш чоралари белгиланган.
Умуман олганда, белгиланаётган чоралар электрон савдони оддий онлайн харид воситасидан кенгроқ — тадбиркорлар ўртасидаги битимлар, давлат харидлари, экспорт ва бизнесни қўллаб-қувватлаш жараёнларини бирлаштирувчи рақамли экотизимга айлантиради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА