Тошкентда Туркия тўқимачилик кўргазмаси(+видео)
Тошкентдаги "Hyatt Regency" меҳмонхонаси Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг янги босқичига гувоҳ бўлди. 20 дан ортиқ Туркия компанияси маҳсулотлари тақдимотлари ва муҳим келишувлар кутилмоқда.
3-4-сентябрь кунлари Тошкент шаҳри марказида жойлашган беш юлдузли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси кўргазмалар зали навбатдаги бизнес мулоқотлар учун кенг майдон вазифасини ўтади.
- Бундай кўргазмаларда иккинчи бор иштирок этяпман. Бу Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг бардавомлигини ифодалайди ва янги лойиҳаларимизга йўл очиб беради, - дейди тадбир ташкилотчиси, Туркия тадбиркорлари гуруҳи раҳбари Эшреф Гейк. - Ташкилотимиз бу кўргазмадан талаб ва таклифни ўрганишни мақсад қилган. Бунинг учун кузги-қишки янги тўпламларни олиб келдик. Нарх жиҳатидан ҳам, сифати жиҳатидан ҳам бу маҳсулотларимиз Ўзбекистон бозорида ўз харидорига эга бўлади, деган умиддаман. Бугунги кўргазмада асосан болалар ва ўсмирлар учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган Туркия тўқимачилик корхоналарининг 20 дан ортиқ вақиллари иштирок этяпти. Ушбу тадбирга Ўзбекистон томони катта ёрдам кўрсатилди ва биз бундан мамнунмиз.
Айтиш керакки, Туркиянинг бренд маҳсулотларига юртдошларимизда талаб ва қизиқиш доимо юқори бўлган. Туркиялик тадбиркорлар ҳам Марказий Осиё бозорларига ўз маҳсулотларини кенг турда ва катта ҳажмда экспорт қилишга интилишади. Мазкур кўргазма дунёга машҳур корхоналарнинг 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болажонлар учун ишлаб чиқарган мавсумий кийимлар тақдимотлари билан бошланди.
Кўргазма давомида шунингдек маҳаллий тадбиркорлар билан Б2Б учрашувлар ўтказиш, шоурумлар ташкил қилиш, ўзаро манфаатли шартномалар тузиш режалаштирилган. Ишбилармонлик учрашувларининг максимал қулайлиги учун махсус музокаралар майдончаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда харидорлар ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни бевосита муҳокама қилишлари мумкин бўлади.
Тошкентда ўтказилган мазкур кўргазма Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг давомлилигини, хусусан, тўқимачилик саноатида, мустаҳкамлаётганини намойиш этди. Ушбу тадбир Туркиянинг болалар ва ўсмирлар кийимлари ишлаб чиқарувчи йигирмадан ортиқ корхонаси учун Ўзбекистон бозоридаги талаб ва таклифни ўрганиш, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ўрнатиш ҳамда ўзаро манфаатли шартномалар тузиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Бу эса турк маҳсулотларининг Марказий Осиё бозорларидаги мавқеини кенгайтиришга ва икки томонлама савдо алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,Нишонбой Абдувойитов,Искандар Исматов, ЎзА